Узбекистан на Великом шелковом пути

Ёшлик, баркамоллик, билим ва иқтидор байрами

Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан сараланган иқтидорли ёшлар учун “Лочин” оромгоҳида ўтган бир ҳафта унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Вилоят босқичлари ғолиблари танловнинг финал босқичи учун тайёрлаган лойиҳаларини янада бойитиш, турли соҳалар бўйича мутахассислар томонидан тақдим этилган маҳорат дарслари, семинар ва тренинглар, маданият ва санъат вакиллари билан учрашув ва анжуманларда иштирок этиш, махсус ишлаб чиқилган интерактив дастур бўйича ўз ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш усулларини ўрганиш имконига эга бўлишди.

Ундан ташқари, оромгоҳ мобайнида ташкил этилган турли танловлар, давра суҳбатлари, кўнгилочар дастурлар ҳамда спорт беллашувлари ёшлар учун янги дўстлар орттириш, ўз қобилиятини намойиш этиш учун яна бир имконият ролини ўтади. Концертлар, викториналар, бадиий кўргазмалар, интеллектуал беллашувлар мазкур танловнинг ёшларга хос баркамоллик, заковат ва маънавият байрамига айланишида алоҳида аҳамият касб этди.

Қатнашчилар семинар ва тренинглар чоғида олинган назарий билимларни амалий ишлар билан мустаҳкамлаб боришди. Маҳорат дарслари ва семинар-тренингларни ўтказиб бериш учун оромгоҳга таклиф этилган малакали мутахассислар, турли соҳаларнинг тажрибали вакиллари қаторидан профессор, Тошкент давлат техника университети илмий ишлар бўйича проректори Карима Норқулова, Тошкент Архитектура ва қурилиш институти “Шаҳарсозлик ва ландшафт архитектураси” кафедраси профессори Муҳаммад Ахмедов, Архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Собир Маҳмудов, Тошкент Молия институти “Менежмент ва маркетинг” кафедраси профессори Дилдора Амирқулова, кулол, халқ устаси Баҳодир Ниёзов, заргар, халқ устаси Фасхиддин Дадамуҳамедов, шоир Бобур Бобомурод кабилар ўрин олган эди.

Танловга эътибор ортаётганини унда иштирок этиш истагида бўлган ёшларнинг сони йилдан-йилга кўпаяётганидан ҳам билиш мумкин. Бу йили республикамиз бўйлаб қарйиб 55 минг нафар ёшлар мазкур танловда иштирок этиш учун ариза топширди. Танловнинг 9-30 июнь кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган туман ва вилоят саралаш босқичларида қатнашган ёшлар ўзларининг янги ғоялари, интеллектуал салоҳияти, мукаммал бизнес режалари, архитектура ва дизайн соҳасидаги янгича қарашларини яққол намоён этишди. Уларнинг 606 нафари республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Бу йилги танловда қатнашчилар ўз билим ва иқтидорини архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар, миллий ва амалий санъат, бадиий ижод ва публицистика каби ўн олтита йўналиш бўйича намойиш этди. Танлов доирасида ташкил этилган илмий-амалий анжуманлар, семинарларда ёшларнинг инновацион лойиҳалари ва илмий ишланмалари атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, оромгоҳда ғолибларнинг ижодий ишларига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди.

14 август куни “Юрт келажаги” танловининг вилоят босқичлари ғолиблари ҳакамлар ҳайъати аъзолари, таниқли олимлар, мусаввирлар, санъат ва маданият намояндалари, журналистлар олдида ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишди.

15 август куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев, Вазирлар Маҳкамаси вакили Баҳодир Шермуҳамедов билан ўтказилган матбуот анжумани чоғида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш имконига эга бўлишди ҳамда танлов бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, таклифлар муҳокама этилди.

“Юрт келажаги-2014” танлови лауреатларини тақдирлаш маросими ва оромгоҳнинг тантанали ёпилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Ғолибларни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситханова, Вазирлар Маҳкамаси вакили Баҳодир Шермуҳамедов, шоир Бобур Бобомурод, “Ҳунарманд” уюшмасининг раиси Муҳаммадюсуф Қурбонов, “Шўртангаз” бошқарув раиси Одил Темиров, Давлат архитектура-қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Муҳаммаджон Шодиев, Қашқадарё вилоят ҳоким ўринбосари Асрор Жўраев тақдирлади.

Ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузларидан Самандар Ҳамроқулов, “Уммон” гуруҳи, Дилсўз, Тамила кабилар ўз куй-қўшиқлари билан байрам кечасига ўзгача тароват бағишлашди.

Айтиш ўтиш керакки, “Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ҳамкорлигида ташкил этилган «Юрт келажаги» республика иқтидорли ёшлар танлови юртимиздаги минглаб йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, чекка-чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларни муносиб рағбатлантириш ва келгусидаги фаолиятларида кўмак кўрсатиш мақсадини кўзлайди.

“Юрт келажаги” танлови ғолибларининг энг қизиқарли лойиҳалари амалиётга жорий этилади. Ғолиблар илм-фан, маданият ва санъатга оид турли кўргазмалар, фестиваллар, нуфузли анжуманларда муваффақиятли иштирок этиш имконини қўлга киритишади. Уларнинг илғор ғоя ва ташаббуслари ахборот технологиялари, фаннинг турли йўналишлари, меъморчилик, дизайн каби соҳаларда кенг татбиқ этилади.

Танлов номинациялари — “Архитектура ва дизайн, либослар дизайни” (архитектура ва интерьер дизайни, шаҳарсозлик ва ландшафт дизайни, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва қайта тиклаш, либослар дизайни); “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар” (веб ишланмалар, дастурий таъминот, рационализаторлик таклифлари, техник ишланмалар), “Анъанавий ва амалий санъат” (тасвирий санъат, амалий санъат), “Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни такомиллаштириш бўйича таклифлар” (менежмент, маъмурлаш ва ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштиришни яхшилаш бўйича таклифлар, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклифлар, фуқаролик жамияти ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар), “Адабиёт ва журналистика” (наср, назм, журналистика).
 2014-08-17

2014.08.17